Бундай ҳолатлар мамлакатда аввал ҳам кузатилган. Мактаб ўқувчиларига ҳар куни мадҳия куйлатиш, маҳалла раисларига ва ходимларига ишни мадҳия айтиш билан бошлаш, қамоқдаги маҳкумларни мадҳия айтишга мажбурлаш амалиёти қўлланилиб келади.
Куйламаганларнинг иши "самарасиз" бўлади
21 майда қўл қўйилган ҳужжат 25 май куни Ижро интизоми Идоралараро ягона электрон тизими орқали эълон қилинган. Топшириқ Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ижро аппарати ўринбосари Суҳроб Ҳамроев номидан тарқатилган.
“Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонунда белгиланган талабларга амал қилган ҳолда барча тузилма раҳбарлари ва ходимларидан Давлат мадҳиясини ёддан билишлари ҳамда уни тўғри, руҳлантирувчи услубда ижро этишлари талаб этилади. Мазкур топшириқни ўз вақтида ва самарали бажаралишини назорат қилишга ҳар бир тузилма раҳбари шахсан масъул эканлиги, шунингдек, ушбу топшириқни бажармаган ходимларнинг фаолиятини баҳолашда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари ҳисобга олиниши маълум қилинади” - деб ёзилган топшириқда.
Ходимларнинг мадҳия куйлагани акс этган видео edo.ijro.uz порталига юкланиши керак. Шундагина вазифа бажарилган бўлади. Бу портал Ижро интизоми назоратини таъминловчи рақамли тизим ҳисобланади ва ундан давлат ходимлари қўлланишади.
"Ҳақиқий руҳий босим"
S&P Global Ratings агентлиги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли суверен кредит рейтингини BB (барқарор кутилма) даражада тасдиқлаган. Экспертлар 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиётида ўсиш суръати 5,5 фоизгача секинлашишини прогноз қилишган. Шу билан бирга, давлат ташқи қарзи 64 миллиард доллардан ошиб, рекорд даражага етган.
Аммо бу рақамлар иқтисодий сиёсат учун устувор йўналишга айланмагани, бунинг ўрнига иқтисодиёт соҳаси учун масъул вазирлик ходимларга мадҳия ёдлатиб, видеога олиш ва уни платформага жойлашга мажбурлаётгани айрим мутахассислар томонидан иқтисодий вазиятга нисбатан беэътиборлик сифатида баҳоланмоқда.
“Буни ақлимга сиғдира олмаяпман. Мадҳия катта йиғилишларда, маросимларда руҳиятни кўтариш учун айтилади. Кўчада ҳар ким айтиб юрадиган ижро эмас бу. Мадҳия чет элларда айтилса, одам ўзида ифтихор туяди. Давлат ишчиларини бунга мажбурлаш тўғримас. Ўзи бизда иқтисодий томондан олганда солиқ билан суднинг ўртасида низолар тиқилиб ётибди. Ечилмаган муаммолар кўп” - деди ҳуқуқ ҳимоячиси Зариф Мирзаахмедов Vatandosh TV порталидаги чиқишида.
Топшириқда мадҳия куйлатиш ташаббусининг мақсади “ватанга садоқат, касбга фидоийлик ва масъулият ҳиссини шакллантириш” экани таъкидланган.
Озодлик журналисти Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг электрон манзилига унинг мақсадини ва қонунийлигини батафсил тушинтириб беришни илтимос қилиб, сўров жўнатган. Ҳозирча унга жавоб бўлгани йўқ.
Айни дамда вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида “мажбурлашлар қонунга зид экани” ҳақида роликлар жойлаштирилган, лекин мадҳия куйлаш мажбуриятига боғлиқ топшириқ ҳақида маълумот эълон қилинмаган.
Вазирликда ишлаган, исмини ошкор қилишни истамаган ходимнинг айтишича, шу кунларда хизматчиларнинг барчаси мадҳия куйлашни ўрганиш билан овора. “Матнини ва куйини биламиз, лекин маромига етказиб куйлашни эплай олмаяпмиз” - дейди у.
Ҳуқуқ фаоли Гулноз Мамарасулова ушбу топшириқ ходимларнинг шаънини хавфга қўйиши мумкинлигини билдирди:
“Бир қарашда бу - патриотизмни оширишга қаратилгандек кўринади. Аммо амалда у жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Ватанни севиш, рамзларини ҳурмат қилиш - бу ҳар кимнинг ички туйғулари. Уни камера олдида, назорат остида, мажбурий тарзда бажариш орқали шакллантириб бўлмайди. Бу билан фақат акс таъсирга, соҳталикка эришиш мумкин. Айниқса, видеога ёзиб олиш талаб қилинаётгани жуда ғалати эмасми? Қўшиқ айта олмайдиган, овозига ишонмайдиган, камера олдида ўзини ноқулай ҳис қилувчи ходимлар учун бу буйруқ ҳақиқий руҳий босим-ку. Видеонинг интернетда тарқалиб, ҳазил, масхара, ҳатто таҳқирлаш объектига айланиш хавфи бор. Бундай шароитда ходимнинг шаъни ва қадри жиддий хавф остига тушади”.
Мадҳия куйлагинини исботлаб бериш мажбурияти Иқтисодиёт ва Молия вазирлигидан бошқа давлат органлари ходимларига ҳам юклатилгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Мусиқашунослар Ўзбекистоннинг давлат мадҳиясини тантанавор куй ва баланд диапазонга эгалигини таъкидлашади. Куйлашда профессионал опера ижросига мос овоз имкониятлари талаб қилинади. Шу боис бундай мажбуриятни одатта “мусиқий ижоддан йироқ иқтисодчиларга юклашда мантиқ йўқ” деган фикрлар айтиляпти.
“Ҳамма ёқ имитация бўлиб кетяпти. Ватанга мухаббатниям имитация қиламиз. Иқтисод деганда математикани билиш, аналитик бўлиш керак, фикрлаш керак. Улар ортиқча гапиришниям ҳоҳламайди. Ўз соҳасида маҳоратли бўлиши мумкин. Ақлга сиғмаган нарсаку. Кимдан чиққан фикр бу? Улар ўзини ишини қиладими ёки гимн, ашула ёдлайдими? Мажбурлаб нима қила оласан? Мажбурлаганда нима бўлади?” – дейди фотожурналист Умида Аҳмедова.
Лекин бу Ўзбекистонда мадҳияга боғлиқ мажбуриятларнинг, ташаббусларнинг, қарор ва буйруқларнинг биринчиси эмас. 2024 йилнинг январида маҳалла раислари соат 7дан мадҳия айтиб иш бошлашга мажбурланган. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида тонг қоронғисида маҳалла раиси ва ходимлари давлат мадҳиясини куйлаётгани акс этган видеолавҳалар тарқалган. Бунинг ташаббускори Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев экани айтилганди.
Қамоқда мадҳия куйлашга мажбурлаш
2020 йили Ўзбекистон мактабларида дарсдан олдин мадҳия куйланиб, танаффусда махсус радиокарнайлардан ватан мавзусидаги шеър ва қўшиқлар эшиттирила бошлаган. Халқ таълими вазирлиги Маънавият бошқармаси вакили Озодлик билан суҳбатда бу тадбир ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун жорий қилинганлигини таъкидлаган.
Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси тўғрисидаги қонунга кўра, мадҳия сиёсий тадбирларда, умуммиллий байрамларга бағишланган тантанали йиғилишларда, муҳим тарихий воқеаларга боғлиқ ҳолатларда, ҳалқаро мусобақаларда, ҳарбий маросимларда, расмий ташрифларда, телевидение дастурлари бошида ижро этилади. Давлат ходимларини мажбурлаб куйлатиш ҳақида қонунда ёзилмаган.
Бундан ташқари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг маълум қилишича, Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларга мадҳияни мажбурлаб айттириш Ислом Каримовнинг президентлик давридан бери давом этиб келмоқда.
2006 йили сохта айблов билан қамалиб чиққан, ҳозирда Канадада истиқомат қилувчи журналист Улуғбек Ашур Навоийдаги колонияда бир ой ўтирганда махбуслар ҳар куни мадҳия айтишга мажбурланганини эслайди.
"Кўплар бу мадҳияни кунига ўн марта айтишга мажбур бўлган. Шу сабаб, қамоқдан чиққанлар уни эшитишни ҳам истамай қўйишган", - дейди у.
Ашурнинг сўзларини қорақалпоғистонлик фаол Даулетмурат Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров ҳам тасдиқлайди. Унга кўра, Тажимуратов 2025 йил 29 апрел куни мадҳия айтмагани учун бошқа маҳбуслар томонидан қаттиқ калтакланган.
Расмий органлар қамоқда мажбурлаб мадҳия айттириш тажрибасига изоҳ бермайди.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Ағзам Тургунов эса қамоқда ўтирганда Ўзбекистоннинг ва Қорақалпоғистоннинг мадҳияларини ёдлашга мажбур бўлганини айтади.
"Мен Ўзбекистоннинг мадҳиясини муҳаббат билан айта олмайман. Чунки, унда ҳали ҳам Совет Иттифоқи давридаги мадҳиянинг мусиқаси бор. Эсимда, Совет давридаги мадҳия “Ассалом, рус халқи – буюк оғамиз” деган сатрлар билан бошланарди. Ҳар гал ҳозирги мадҳияни эшитсам, ўша сўзлар ёдимга тушади", — дейди у.
Маълумот учун: Ўзбекистон мадҳиясининг шеърини Абдулла Орипов, мусиқасини Мутал Бурҳонов ёзган. Яъни, Совет Иттифоқи давридаги Ўзбекистон ССР мадҳиясининг мусиқаси қолган, сўзларини ўзгартиришган холос.
Форум